1

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўтказилади

СИЁСАТ 11.06.2024, 11:03
Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўтказилади

Шу йилнинг 13-14 июнь кунлари "Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш" мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг матбуот хизмати маълумотига кўра, форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилади.

Бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир. Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади.

Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади. Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳамда "Тараққиёт стратегияси" марказидир.

Халқаро ҳамкорлар БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси ҳисобланади. Халқаро шериклар сафида, хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, шунингдек, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фондларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари бор.

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашиши режалаштирилган. Хусусан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1