Аввалроқ Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи С.Н. (аёл) кичик ёшдаги фарзандини 2 йилдан бери калтаклаб келганлиги юзасидан С.Н. га нисбатан ЖКнинг 110-моддаси, "а,в" бандлари билан жиноят иши очилгани, сўнг тергов давомида айбланувчига ЖКнинг 104 -моддаси бўйича (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб (Болага “ўнг сон суягининг юқори учлиги қисмидан кўндаланг ёпиқ синиб силжиши” каби ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказилганлиги) қўшимча айб эълон қилиниб, бу жиноят иши судга юборилганлиги тўғрисида хабар берилган эди.
Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди ишни мазмунан кўриб чиқиб, жорий йилнинг 2-май куни чиқарилган суд ҳукмига кўра С.Н. ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми, “в” банди 3 йил озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар қилди.
Бугунги кунда Шофиркон тумани “Инсон” ижтимоий маркази томонидан 2018 йилда туғилган С.Ф. га дастлабки тарзда васий сифатида Б.З. (аёл) тайинланиб, бола унинг қарамоғига топширилди.
Ҳозирда васийлик ва ҳомийлик органи томонидан С.Н. ни фарзандига нисбатан бўлган оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи билан боғлиқ тегишли чоралар кўрилмоқда.
Болалар омбудсмани боланинг келгуси тақдирини белгилаш жараёнлари юзасидан ўз кузатувини давом эттирмоқда.






