Корея савдо, саноат ва энергия вазирлиги билан Ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик тўғрисида келишув имзоланди. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёл ўртасида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди.
Давлат ташрифи доирасида жами 17 та ҳужжат, шу жумладан, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергия вазирлиги ўртасида Критик минералларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича икки томонлама Ҳамкорлик келишуви, “КИГАМ” билан рақамлаштириш ва кўчкилар мониторинги бўйича Биг Дата грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Келишув ҳамда “КИГАМ”, Кон-геология вазирлиги ҳамда Минерал ресурслар институти ўртасида истиқболли майдонларни геологик ўрганиш, шу жумладан ноёб минералларни излаш ва технологик тадқиқотлар ўтказиш бўйича Келишув имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар Кореянинг технологик ва илғор компаниялари билан “яшил” келажакка мўлжалланган қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга хизмат қилади.
16.06.2024 11:44