1

Алишер Усмонов UBS Europe банкини судга берди

ДУНЁ 17.06.2024, 22:06
Алишер Усмонов UBS Europe банкини судга берди

USM Holdings асосчиси, миллиардер Алишер Усмонов Франкфурт Майн ҳудудий судига UBS Europe SE банкига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда тадбиркорнинг адвокат Стефани Рабенау “Коммерсант” нашрига хабар берди.

Даъвогарнинг фикрича, 2018–2022 йилларда банк Германия молия органларига шубҳали молиявий операцияларни амалга оширгани ҳақида “бир қатор асоссиз хабарномалар” юборган. Бу эса Алишер Усмоновга қарши “сиёсий сабабларга кўра суриштирувлар” ўтказилишига туртки бўлган.

Адвокат Рабенаунинг таъкидлашича, UBS банки Германиядаги Божхона бош бошқармасининг молиявий мониторинг бўлимига “ўндан ортиқ абсурд ва асоссиз хабарномалар” жўнатган. Улар орасида нақд пул ечиб олиш ва ижара тўловларида “пул ювиш” даъволари бор.Шу билан бирга, банк ўз шубҳаларини тасдиқловчи ҳеч қандай факт келтирмаган, дея қайд этади адвокат.

Бундан ташқари, 2022 йилда UBS банкининг хабарномалари Германияда Алишер Усмоновга қарши суриштирув бошланишига сабаб бўлган. Миллиардернинг Бавариядаги кўчмас мулки ва “Дилбар” яхтасида тинтувлар ўтказилган. Мазкур тергов ва тинтувлар оммавий ахборот воситаларида ёритилган ва тадбиркорга нисбатан санкцияларни кенгайтириш учун ишлатилган.

“Банк хизматлари шартномаси ва банк сирини сақлаш қоидаларига зид равишда UBS мижозлар маълумотларининг махфийлигини бузган, ёлғон баёнотлар тарқатган, шунингдек, умумий шахсий ҳуқуқларни қўпол равишда бузган.

Банк томонидан шартноманинг бузилиши Усмоновнинг обрўсига катта миқдорда зарар етказилишига ва молиявий йўқотишларга олиб келган. Аслида, UBS бегуноҳ шахсни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортишни, шунингдек, мижозига нисбатан санкция қўллашни қўзғатган ва ёрдам берган”, — дейди  адвокат.

Тадбиркорнинг вакили Питер Гаувайлер етказилган зарар миқдорини ҳозирча баҳолаш ёки якуний аниқлаш мумкин эмаслигини қўшимча қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1