Миллий тикланиш демократик партиясининг раҳбари Алишер Қодиров жамиятдаги оталарнинг обрўсининг оёқости қилинаётганига фикр билдирди. Бу ҳақда у ўзининг телеграмдаги каналида пост қолдирган.
”Оталар тоғ бўларди. Бугун зўравон, номуссиз, алиментдан қочиб юрадиган, хотинбоз ва ҳоказо… Нафақат оилада, бутун жамиятда эркакни, яъни амалдаги ёки бўлажак оталар оҳорини тўкиб, номини оёқости қилиб юбормаяпмизми? Бунинг оқибати нима бўлади?
Боғча ва мактабни эркак тарбиячи ва ўқитувчилар ташлаб кетганига анча бўлди. Сўнгги йилларда эркаклар оиладан ҳам сиқиб чиқарилаётгандек… Миллат тақдири қуриладиган бу масканлар рад этилаётган оталикнинг аччиқ мевалари — асабий аёлларнинг эътирозлари билан бўғилмаяптими? Нега оналар, тарбиячи ва ўқитувчи аёллар бу қадар асабий”, деган Қодиров.
Депутатнинг фикрича, аҳмоқ ҳамма миллатда топилади. ”Иккита зўравон, тарбиясизни бош саҳнага чиқариб, ўзбек эркаклари ҳаммаси зўравон, аёлини хор қилади деган қарашларни ёшларимизга сингдирилишини оқибати нима бўлади“, дейди у.
Шунингдек, Қодиров келаётган сайлов дастурида ”Миллий Тикланиш”партияси фарзанд кўрган аёлларга тарбия тренингларида иштирок этиш шарти билан 3 йилгача ҳақ тўланадиган оналик таътили бериш таклифи устида ишлаётганини ҳам маълум қилган.
”Ота, эркак — жамият шаъни шавкатини ҳимоячиси! Мукаррам ва ҳикматли оналар бу ҳимоячиларни тарбияловчилардир! Агар оналар шавкатли фарзандлар учун ҳаловатидан кечмаса, отасини танимайдиган фарзандлар нафақат онаси, балки бутун жамиятни нафсига қурбон қилади“, дейди Алишер Қодиров.
Депутат ”Оталар куни“ (18 июнь) жиддий сиёсий-ижтимоий кун сифатида оммалаштирилиши зарурлигини ҳам таъкидламоқда.