Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов Кувайтнинг "Star Fruit Co. for foodstuffs, vegetables and fruits" компаниясига ташриф буюрди ва бош директор Абдураҳмон Сурур билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА .
Унда Ўзбекистондан Кувайтга мева-сабзавотлар экспортини кенгайтириш йўналишидаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Абдураҳмон Сурурнинг айтишича, икки ҳафта давомида Ўзбекистондан гилос, ўрик, шафтоли каби 2,1 тонна мевалар сотиб олинган. Мазкур ҳўл мевалар Ўзбекистон компаниялари томонидан "FlyDubai" ва "Turkish Airlines" авиакомпанияларининг рейслари орқали Кувайтга етказиб берилган. Кувайт томони Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги "S-Agro Termiz orchards" ва Бухоро вилояти Бухоро туманидаги "National Agroforte" компаниялари билан ушбу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини билдирди.
"Гилос ва шафтоли мевалари мавсумий эканлигини инобатга олиб, кейинчалик Ўзбекистондан тарвуз ва қовун каби полиз маҳсулотларини ҳам экспорт қилиш режалаштиряпмиз", деди Абдураҳмон Сурур.