Чирчиқ дарёсига тушиб кетган оёқ кийимини олмоқчи бўлган эркак сувда оқиб кетди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ФВБ қутқарувчилари Янгиҳаёт тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсида хизмат олиб бораётган вақтда бир фуқаро сувда хушсиз холда оқиб келаётганлигини кўрган.

Қутқарувчилар зудлик билан қутқариш ишларини олиб бориб, ушбу фуқарони сувдан олиб чиққан ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббиёт ходимларига топширган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.

Ушбу фуқаро балиқ тутиш мақсадида дарёга борганда оёқ кийими сувга тушиб кетган ва уни оламан деб тушган вақтда дарё суви тез оқаётганлиги сабабли мувозанатни йўқотиб ўзи ҳам оқиб кетган.





