Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорга қўшни Сардоба тумани ҳудудидан 6 гектар ер майдони олиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари ҳамда вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфида бўлган ва Сайхунобод тумани ҳудудида жойлашган 50 сотих ер майдонини енгил конструкция кўринишида қурилиш қилиши учун ижара шартномаси асосида расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари, жами 25 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалик раҳбари хўжаликнинг 3,37 гектар ерини ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган қўшимча ер майдонини – жами 7 гектар ер майдонини сирдарёлик харидорга 2 млн. АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, 1975 й.т., муқаддам судланган шахс ўзининг ўғлини номида бўлган масъулияти чекланган жамиятга инвестиция киритиш шарти билан иссиқхона қуриш учун туман ҳудудидан ажратиб берилган 2 гектар ер майдонини ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали, 50 та коттеж қурмоқчи бўлган харидор номига ўтказиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, шунингдек, турмуш ўртоғининг номидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли, Янгийўл шаҳрида жойлашган бино ва унинг 486 м2 ер майдонини ҳам харидорга сотиш ва у ерда 12 қаватли уй қуриши учун масъул идоралардан рухсат олиб бериш эвазига 440 минг АҚШ доллари, жами 940 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Аммо, у сўралган пул маблағидан 400 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи, 1987 й.т. шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга “Халқ банки”нинг вилоят филиали балансида турган ва “Е-Auksion” портали орқали савдога чиқарилган – Қуйичирчиқ туманидаги 13,05 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали олиб бериш эвазига 260 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 130 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Фарғона вилоятининг Қува туманидаги фермер хўжалик раҳбари туман ҳокимининг 2015 йилдаги қарори билан пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида фойдаланиш учун ажратиб берилган ер майдонининг 5,5 гектар қисмини харидорга 150 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келгусида ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган жами 190 минг АҚШ долларидан 120 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.