АсосийSiyosat

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди

'Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди'ning rasmi

Президент раислигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда 36 та олийгоҳ ректорлари ҳам қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбари бугунги мураккаб вазиятда барча давлатлар ички ресурсларга таяниб, инновацияга интилаётганини қайд этди.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда илм, таълим ва инновацияга эътибор тубдан ўзгарди.

Масалан, ўтган тўрт йилда 1 минг 727 та амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларга 2,2 триллион сўм йўналтирилди. Шундан муҳандислик-техника йўналишидаги 176 та лойиҳага 152 миллиард сўм берилган.

Тадқиқот, тажриба-конструкторлик учун харажатлар 2 баробар ўсган. Бу маблағларнинг 41 фоизи давлат улуши бор корхоналарга, 34 фоизи хусусий секторга ва 25 фоизи олийгоҳларга тўғри келган.

Шу билан бирга, олийгоҳлар фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чеклангани, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда камлиги кўрсатиб ўтилди.

Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар амалга ошмай қолиб кетаётгани қайд этилди.

Сабаби – олийгоҳ билан саноат ўртасида узилиш бор. Ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмаётгани, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмаётгани, ҳоким ва вазирлар эса ўртада кўприк бўлиб, буни ташкиллаштирмаётгани ҳақида қатъий эътироз билдирилди.

    Бошқа янгиликлар