Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой халқ республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида “Ҳаво ипак йўли”ни биргаликда барпо этиш тўғрисида келишув имзоланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Жорий йил 17-21-июнь кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида мазкур келишув шартларининг ижроси юзасидан ҳамкорлик бўйича "C5+1 Хитой-Марказий Осиё фуқаро авиацияси" конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.
Конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон давлатларининг авиация ҳукуматлари ва авиация корхоналари, Хитой томонидан Хитой фуқаро авиацияси администрацияси, CОМАC фуқаро авиацияси ҳаво кемаларини ишлаб чиқариш корхонаси, бир қатор авиакомпаниялар ҳамда Хитой аеропортларини бошқарувчи давлат ташкилотлари қатнашди.
Ўзбекистон томонидан Транспорт вазирлигининг ҳаво транспорт бошқармаси ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбар ва ходимларидан иборат делегация конференцияда иштирок этди. Тадбир давомида Транспорт вазирлиги делегацияси томонидан ҳозирги кунда Ўзбекистонда фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Хитой ҳамда қўшни мамлакатлар билан авиация алоқаларини янада яхшилашга қаратилган келгусидаги режалар тўғрисида маълумот берилди.
Конференциядан асосий мақсад тарихий буюк ипак йўли асосида ҳаво ипак йўлини барпо этиш, иқтисодий ҳамкорлик, авиаташувлар бозорининг либераллашуви, мамлакатлар ўртасида ҳаво қатновлари орқали савдо-иқтисодий масалаларни янада ривожлантириш, авиайўловчи ва юк оқими, товар ва хом ашёлар айланмасини янада ошириш ва авиаташувлар бўйича ягона тизимни яратишдан иборат.
Конференция якунига кўра томонлар “С5+1 Хитой-Марказий Осиё фуқаро авиацияси" конференцияни ҳар йили 1 март санасида навбат асосида ҳамкорликка аъзо мамлакатларда ўтказилишига ва фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олишди.






