Аввалроқ, машҳур “Cannes Film Festival” доирасида бўлиб ўтган мазкур фестивалда ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” номли қисқа метражли фильм энг олий мукофот — Gran-pri совринига сазовор бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Бу ютуқ кенг жамоатчилик томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди.
Орадан кўп ўтмай, мазкур халқаро муваффақият Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Давлат раҳбарининг “Халқаро кинофестивалда ғолибликни қўлга киритган ёш ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилиниб, фестивалда Gran-pri совринини қўлга киритган ижодкорларни “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлаш белгиланди.
Бугун, 20 май куни Тошкент халқаро аэропортида фестиваль ғолибларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда маданият вазири Озодбек Назарбеков, Президент администрацияси вакиллари, маданият ва санъат соҳаси намояндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кино ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида ғолибларга гуллар топширилиб, уларнинг халқаро майдондаги ютуғи алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Президент фармонига мувофиқ “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган кинорежиссёрлар Суҳроб Қодиров ва Дилшодбек Усмоновга мукофотлар Озодбек Назарбеков томонидан тантанали равишда топширилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мамлакатда санъат ва маданиятни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби эътирофлар ўзбек киносининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Маданият вазирлиги жамоаси Kann’даги халқаро фестивалда Gran-pri совринини қўлга киритган ижодкорларни ушбу тарихий ютуқ билан табриклади.






