Июл – ёз фаслининг энг қизғин даври бўлгани учун Ўзбекистонда июл ойида энг юқори ҳаво ҳароратлари кузатилади.
Мутахассисларнинг қайд этишларича, июл ойининг ўртача максимал ҳарорати (ёки иқлимий меъёр) республика ҳудудининг катта қисмида 35-37 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда 38-40 даражани ташкил этади. Аммо, деярли ҳар йили июль ойида ҳаво ҳарорати 39-41 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-45 даражагача бўлган жуда иссиқ даврлар кузатилади, энг иссиқ йилларда эса бундан ҳам юқори бўлган.
Сўнгги 10 йил ичида (2014-2023 йй.) 7 та июль ойлари метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнталик қаторига кирди.
2014 йил июль ойи иқлимий меъёрдан совуқроқ, 2016 ва 2020 йилларнинг июль ойлари меъёрдан бироз иссиқроқ бўлди.
Республика ҳудудининг катта қисмида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун 2019 йил июл ойи энг иссиқ бўлди. Мисол учун, Тошкент шаҳрида
14 кун давомида максимал ҳаво ҳарорати кетма-кет 40 даражадан юқори бўлиб, энг иссиқ кунларда эса 43 даражагача етди.
Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида 2018 йил июль ойи, энг чекка жанубда эса 2021 йил июль ойи энг иссиқ бўлди.
Юқорида қайд этилган йилларда максимал ҳаво ҳарорати 41-43 даражага, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-45 даражага етди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ҳаво ҳароратининг тарихий максимуми 46-48 даража бўлди.
Республиканинг қолган ҳудудларида бошқа йилларда ҳам максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари ўрнатилди.
Шундай қилиб, Тошкентда рекорд ҳаво ҳарорати ҳали ҳам 44,6 даражани ташкил этади, бу 1997 йил июль ойида қайд этилди.
Ўзбекистон ҳудуди бўйича энг юқори июль ойи ҳарорати барча кузатув йиллари учун Қизилқум чўлида қайд этилди. Ушбу ҳудудда 1983 йил июль ойида ҳаво ҳарорати 50 даражага етди.
Эслатиб ўтамиз, ҳарорат рекордлари ва уларга яқин қийматлар жуда камдан-кам ҳолларда фақат энг иссиқ июль ойларида кузатиладиган алоҳида ҳолатлардир.
Июль ойида ёмғир жуда камдан-кам ҳолларда ёғади, чунки бу йилнинг энг қуруқ ойларидан биридир. Ўртача кўп йиллик давр учун ҳудуднинг катта қисмида 1-2 кун, баъзи жойларда 3-4 кунгача ёмғир кузатилади. Одатда, июль ёмғирлари маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, жуда қисқа бўлади.
Фарғона водийси ва республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир кўпроқ– ойда ўртача 6-9 кунгача ёғади. Бу ҳудудларда июл ойида ҳали ҳам сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши кузатилади.
Бу йил ёз фаслининг ўртаси қандай бўлади?
Ўзгидромет прогнозига кўра, июль ойи қулай шароитлардан бошланади, 1-3 июль кунлари ҳаво ҳарорати 31-36 даража атрофида, жанубда 38-40 даражагача бўлади.
Июль ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин бўлиши кутилмоқда. Ойнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 35-40 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда 41-43 даражагача бўлади. Фақат айрим кунларда ҳарорат бу қийматлардан 2-3о га юқори бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача 40 даража ва ундан юқори ҳароратли июль ойида жуда иссиқ кунлар сони 2 кундан 5 кунгачани, шимолда 6-8 кунни, жанубда ва чўл ҳудудларда 12-15 кунни ташкил эади. Сўнгги йилларда бундай иссиқ кунлар сонининг кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда.
Республика бўйича баъзи жойларда, асосан тоғ олди ва тоғли ҳудудларда июль ойининг айрим кунларида маҳаллий хусусиятга эга бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор.