Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Уттар-Прадеш штатида содир бўлган фожиа оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Маълумот учун, Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати Ҳатрас округидаги диний йиғинда юз берган тиқилинчда камида 121 киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳат олди.
Фожиа Пҳулраи Мугҳал Гарҳи қишлоғида содир бўлган, у ерда ўн минглаб одамлар воиз Бҳоле Бабани тинглаш учун тўпланган. Полиция ҳисоботига кўра, рухсат этилган сиғим 80 мингга яқин бўлган бўлса ҳам, йиғинда 250 мингга яқин одам қатнашган.
Шифокорларнинг агентликка маълум қилишича, ўлимларнинг аксариятига бўғилиш сабаб бўлган. Қурбонлар орасида 112 аёл ва етти бола бор.