Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг сиёсий партиялари ва бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти тақиқланди. "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонунга бу борада қўшимча киритилди.
Ўзгартиришни президент Шавкат Мирзиёев 2 июль куни имзоланган. У 11 июнь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 22 июнь куни Сенат томонидан маъқулланган. Ўзгартириш бўйича муҳокамалар борасида аввал хабар берилмаган.
Қонун муқаддимасида мамлакатда партиялар фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Шу билан бирга, хорижий давлатлар сиёсий партияларининг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини тартибга солиш талаб этилади, дейилади ҳужжатда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда бешта сиёсий партия рўйхатга олинган: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, Халқ демократик партияси ва Экологик партия.
Навбатдаги парламент сайловлари кузда бўлиб ўтади. Охиргиси 2019 йилда бўлиб ўтганди.