АсосийЖамият

Президент марғилонлик нуронийлар билан янги уй-жой массивини қуриш лойиҳасини муҳокама қилди

Ёш оилаларга муносиб шароит яратиш мақсадида Шавкат Мирзиёев шаҳарда янги массив қуриш ғоясини илгари сурди.

'Президент марғилонлик нуронийлар билан янги уй-жой массивини қуриш лойиҳасини муҳокама қилди'ning rasmi

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида аҳоли зич яшайди. Яқин келажакда бу нуфус ошиб боради. Ёш оилаларга ва келгуси авлодларга муносиб шароит яратиш мақсадида Президентимиз шаҳарда янги массив қуриш ғоясини илгари сурди. Ташриф чоғида бу борада марғилонлик нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашилди.

 - Мамлакатимизнинг кўп жойларида янги массивлар, шаҳарчалар қураяпмиз. Марғилонликларнинг яшаш шароитларидан, уй-жойларга эҳтиёжидан хабарим бор. Шу талаб ва истакларни, кўпчилик оилаларнинг орзуларини инобатга олиб, замонавий иморатлар қуришни ўйлаяпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳага кўра, 110 гектар майдонда бунёдкорлик ишлари олиб борилади. Хусусан, 25 минг аҳолига мўлжалланган 5 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Шунингдек, Бурҳонуддин Марғилоний халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мақом театри, юридик институт, 4 та меҳмонхона, шоир ва санъаткорлар хиёбони, савдо ва хизмат мажмуалари бўлади. Истироҳат боғи унга файз ва ҳаво бағишлайди.

Жамоатчилик номидан сўз олган нуронийлар бу халқ кутган лойиҳа эканини айтиб, мамнунлигини билдирди. Ушбу эзгу ишга муваффақият тилаб дуо қилинди.

 -Бугун бориб кўрдик, Фарғонада катта саноат корхоналари ишлаяпти. Янги электр станцияларини ишга туширдик. Нима учун? Халқимизнинг шароити бўлиши учун, корхоналар барқарор ишлаши учун. Энди сизлар ҳам ислоҳотларга камарбаста бўлиб, маҳаллалар ишсизлик ва камбағалликдан холи бўлишига кўмак беришингизни истардим, - деди Президент. 

Мутасаддиларга массивни хориж тажрибаси асосида пухта лойиҳалаштириш, уйлар ва инфратузилмани узоқни кўзлаб барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Бошқа янгиликлар