АсосийЖамият

5 та ҳудудда газ ва “свет”га ноқонуний уланган корхоналар ушланди

Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

'5 та ҳудудда газ ва “свет”га ноқонуний уланган корхоналар ушланди'ning rasmi

Табиий ресурс тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўшкўпир туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “B.S.” фермер хўжалиги раҳбари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат мақсадида “МТЗ-80” моторли сув насоси ускунасини табиий газ тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 417 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. 

Департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Sh.O." МЧЖ раҳбари О.Ю. МЧЖ ишлаб чиқариш цехидаги ускуналарни умумий фойдаланишдаги газ тармоғига яширинча улаб, 286,2 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Булоқбоши туман бўлими томонидан ва “Ўзэнергоинспекция”нинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда “Н.Ф-М.” МЧЖ энергетиги А.З. ва бошқалар МЧЖнинг ишлаб чиқариш ускуналарини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 230 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Шофиркон ва Ромитан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “И.Ф.” фермер хўжалиги ҳамда “Ч.К.” МЧЖ масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри улаб, жами 122,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар