Бухорода боғча ёшидаги қизларини аёвсиз калтаклаган аёл жаримага тортилди. У фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи она сифатида рўйхатга олинган.
Аввалроқ, Бухорода аёл боғча ёшидаги қизларини аёвсиз калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Болалар омбудсмани матбуот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи аёл И.М.нинг турмуш ўртоғи Н.Б. бир неча йилдан буён хорижда ишлаб келаётган бўлиб, оиласидан хабар олмаган ва етарлича пул жўнатмаган. Бундан жаҳли чиқиб, аёл қизлари Ў.С. (2020 йилда туғилган) ва Ў.С. (2021 йилда туғилган) ларни уриб, калтаклаб, видеотасвирга олган ва эрига жўнатган.
Терговга қадар текширув доирасида ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, калтакланган қизларда ҳеч бир даражадаги тан жароҳати аниқланмаган.
И.М. ўз болаларига нисбатан қилган номақбул ҳаракатлари учун Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан айбли деб топилиб, тегишли жарима жазосига тортилган. У фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи она сифатида рўйхатга олинган.
Ўз фарзандларига зиён етказишини олдини олиш мақсадида онага нисбатан махсус ижтимоий чоралар кўрилиши айтилди.