Нью Деҳли шаҳрида ўтказилган ЮНEСКОнинг 46-сессиясида Ўзбекистон делегацияси билан ICOMOS (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаш) мутахассислари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берди ЎзА.
Тадбирда "Боқий Бухоро" маданий-этнографик боғини барпо этиш ва Шаҳрисабзни Бутунжаҳон мероси рўйхатида сақлаб қолиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда қурилиш ва реконструкция ишлари давомида тарихий-маданий обидаларга путур етказилишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбирда Франциянинг "Wilmotte & Associés" меъморчилик бюроси вакиллари ҳам иштирок этиб, янги биноларнинг атроф-муҳитга зарар етказмасдан барпо этилиши муҳимлигини таъкидлади.