АсосийЖамият

Тошкентда икки нафар шифокор калтакланди

Оқибатда шифокорлардан бири ҳушидан кетиб, карахтлик-кома ҳолатига тушган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.

'Тошкентда икки нафар шифокор калтакланди'ning rasmi

Бугун, 27 июль куни пойтахтдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасида ишловчи 2 нафар шифокор кўрикка келган бемор ва унинг ўртоқлари томонидан калтакланган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, соат тахминан 07:20 ларда шифохона қабул бўлимига Сергели тумани, Хонобод 4-тор кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Б.И. (1997 йилда туғилган) икки нафар ҳамроҳлари билан келган. 

Беморни навбатчи травматолог-шифокор А.А. тиббий кўрикдан ўтказган. Дастлабки текширув давомида унга “Иккала қўл-билак соҳалари, кўкрак қафаси ва қорин олди деворининг кўплаб кесилган жароҳатлари. Геморрагик шок 2-3-даража“ ташхиси қўйилган.

Беморнинг ҳолати оғир, шок ҳолатида дея баҳоланиб, зудлик билан қон тўхтатиш ва шокка қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда қўшма шикастланишлар шошилинч бўлимининг микрохирургия ўрнига госпитализация қилинган.

Соат 07:40 да танадаги кўплаб кесилган жароҳатлар инобатга олиниб, у дарҳол хирургик амалиёт ўтказиш мақсадида микрохирургия операция хонасига олиб кирилган.

Хирургик амалиётга тайёрлаш вақтида бемор шифокор-микрохирург М.Х.га жиддий қаршилик кўрсата бошлаган ва тиббиёт ходимига тарсаки тушириб, уни ҳақорат қилган. Беморни тинчлантиришга уринишлар самара бермагач, у операцион столдан тушиб, шифокорни қаттиқ дўппослай бошлаган.

Шундан кейин шифокор ички ишлар органларининг "102" телефон рақамига қўнғироқ қилиб, юзага келган вазият юзасидан навбатчи қисмга маълумот берган. Сўнг, у беморнинг ўртоқлари томонидан ҳам калтаклаган. Шу пайтда операцион блокка келган шошилинч хирургия бўлимининг навбатчи шифокори Ҳ.У. ҳам дўппосланган. Оқибатда шифокор ҳушидан кетиб, карахтлик-кома ҳолатига тушган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. 

ССВга кўра, ўтказилган дастлабки тиббий текширувлар давомида жабрланувчи шифокорга “Бош-мия ёпиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши ўрта даражаси. 3-бел умуртқаси чап ён қанотининг ёпиқ синиши. Бош пешона қисми терисининг шилинган жароҳати.Ўнг томонлама лаб бурчагининг ёрилиши” ташхиси қўйилиб, шошилинч реанимацион чора-тадбирлар кўрилган. Ўтказилган даво муолажалари натижасида соат 10:30 да беморнинг ҳолати бироз ижобий томонга ўзгариб, ҳушига келган ва шок ҳолатидан чиқарилган. Аммо унда ҳали ҳам карахтлик мавжуд. Шу боис даво муолажалари жонлантириш бўлимида давом эттирилмоқда.

Иккинчи шифокор М.Х.нинг ҳолати ҳозир нисбатан қониқарли, лекин олган бош мия жароҳати ва руҳий ҳолати кескин ёмонлашгани инобатга олиниб, шифохонанинг қўшма жароҳатлар бўлими травматология қисмига госпитализация қилинган ва керакли тиббий муолажалар кўрсатиляпти. 

Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар