Ижтимоий тармоқларда икки нафар фуқаро Ўрта Осиё чўл тошбақасига мажбурий равишда нос чектиришгани акс этган видео тарқалди.
Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишда одамийликка тўғри келмайдиган мазкур ҳолатни Денов тумани “Янгикуч” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар Ҳ.Н ва М.Нлар жорий йилнинг апрел ойлари бошларида содир этгани аниқланди.
Фуқаролар билан ўзаро бўлган суҳбатда фуқаро Ҳ. Н ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасини юритиш учун маҳалласидаги даштликдан тошбақани ушлаб, нос чектирганини таъкидлади.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман Ички ишлар бўлими томонидан икки нафар фуқаронинг ҳар бирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига асосан БҲМнинг 3 баробари – 1 миллион 20 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.