АсосийЖамият

Намангандаги паркда аттракцион бузилиб қолди

Турли даражада тан жароҳати олганлар бор.

'Намангандаги паркда аттракцион бузилиб қолди'ning rasmi

Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган аттракционда 10 киши учаётган вақтда аттракцион бузилиб қолди. Бу ҳақда Чуст туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 30 июль куни соат 17:45 ларда "Чуст" эко паркида содир бўлган. Аттракционнинг занжирлари йиғилмай қолиб, тепадан пастга белгиланган тезликда тушиб келаётганида юқоридаги фуқаролардан 8 нафари атрофдаги дарахтларнинг шох-шаббаларига урилиб, турли даражада тан жароҳатлари олган. Уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аниқланишича, жабрланувчиларнинг 2 нафари аёл, 4 нафари вояга етмаган қиз ва 2 нафари вояга етмаган ўғил болалар бўлган.

Чуст туман ҳокимлигининг маълум қилишича, 3 нафар фуқаро енгил тан жарохати олган. 1 нафар фуқаронинг оёқ сон суяги cинган.

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилот ходимлари ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Бошқа янгиликлар