Сохта ҳавола юбориш орқали 27 млн. сўм ўзлаштирган фирибгар қўлга олинди
Тошкент шаҳрида яшовчи М.О. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 27 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар қилди.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сурхондарё вилоятида яшовчи 34 ёшли Ж.Г. содир этганлиги аниқланди.
Унга кўра, Ж.Г. интернет фойдаланувчиларига телеграм мессенжери орқали ёлғон эълонлар остида сохта дастур, ҳавола жўнатиб келган ва бу эълонга ишониб юклаб олган жабрланувчи M.О.нинг банк карта маълумотларини қўлга киритиб, унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва унинг ҳисобидаги 27 млн. сўм пулларини ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Г.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми ”б” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.