АсосийСИËСАТ

Мирзиёевга маданият ва санъат соҳасидаги янги лойиҳалар тақдим этилди

Тақдимотда маданий мерос объектларини реставрация қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

'Мирзиёевга маданият ва санъат соҳасидаги янги лойиҳалар тақдим этилди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевга маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий маданий меросни асраш ҳамда уни халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга қаратилган устувор лойиҳалар тақдим этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг археологик, тарихий ва амалий санъат меросини дунёга танитиш бўйича қатор халқаро кўргазмалар режаси кўриб чиқилди. Хусусан, жорий йил сентябрь ойида Доҳадаги Ислом санъати музейида "Uzbekistan: Heritage in Motion", ноябрь ойида эса Миландаги "Prada Foundation" майдонида "Global Antiquity" халқаро археология кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2027 йилда Венеция ва Япониянинг Нара миллий музейида Ўзбекистоннинг бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган тарихини акс эттирувчи 200 дан ортиқ археологик топилмалар намойиш этилади. Миландаги "Palazzo Reale" саройида эса ўзбек миллий амалий санъатига бағишланган кўргазма ташкил қилиниши белгиланган.

Тақдимотда маданий мерос объектларини реставрация қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Романовлар саройида Ўзбекистон давлат санъат музейининг филиалини ташкил этиш, Мухтор Ашрафий уй-музейини замонавий музей талаблари асосида реконструкция қилиш режалари маълум қилинди.

Шу билан бирга, Гендельнинг "Тамерлано" операсини жаҳоннинг нуфузли саҳналарида намойиш этиш натижалари ва келгуси режалар муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, асар 2027 йил март ойида Нью-Йоркдаги машҳур "Карнеги-холл" концерт залида ҳам намойиш этилади.

Тақдимотда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурида Маданий лойиҳалар миллий операторини ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Ушбу тузилма йирик халқаро фестиваллар, концертлар ва маданий тадбирларни ташкил этиш ҳамда уларни хорижда тарғиб қилиш билан шуғулланади.

Шунингдек, жорий йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида Орол маданияти саммити ўтказилиши, 2027 йилда эса Бухоро биенналеси ташкил қилиниши режалаштирилгани маълум қилинди.

Президент тақдим этилган лойиҳалар юзасидан уларни пухта тайёрлаш, реставрация ишлари сифатини қатъий назорат қилиш, миллий маданий меросни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро маданий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёевга маданият ва санъат соҳасидаги янги лойиҳалар тақдим этилди - Darakchi.uz