Тожикистонда 23 ёшли Меҳрона Ноибованинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши доирасида мамлакат Бош прокуратурасининг собиқ катта терговчиси Фирӯз Саидзода қўлга олинди. Бу ҳақда Тожикистон Бош прокурори Ҳабибулло Воҳидзода 22 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайд этилишича, Саидзода прокуратура органларидан бўшатилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми, яъни “ўз жонига қасд қилишга етказиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур модда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
“У қўлга олинган ва ҳозир қамоқда”, деган Бош прокурор.
Шу билан бирга, воқеа вақтида Меҳрона Ноибова ва Фирӯз Саидзода билан бирга бўлган яна бир прокуратура ходими — Давлат Арабзодага нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган. Воҳидзоданинг сўзларига кўра, Арабзода Дарвоз туманига сафар давомида уларга ҳайдовчилик қилган.
Терговнинг бошқа тафсилотлари, хусусан, Саидзоданинг айнан қандай ҳаракатлари уни “ўз жонига қасд қилишга етказиш” моддаси билан жавобгарликка тортишга асос бўлгани очиқланмаган.
Меҳрона Ноибова 2026 йил 4 апрель куни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Дарвоз туманида жойлашган “Чорчаман” дам олиш масканида бўлган. Унинг жасади 7 апрель куни Панж дарёси соҳилидан топилган.
Расмий талқинга кўра, Меҳрона ўз жонига қасд қилган. Бироқ марҳуманинг яқинлари бу версияга ишонмаслигини билдириб, воқеани холис ва тўлиқ тергов қилишни талаб қилган.
Меҳрона ҳалок бўлишидан олдин унинг ёнида прокуратура ходимлари бўлгани ишга жамоатчилик эътиборини янада кучайтирган. Яқинлари бир неча ой давомида воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш ва айбдорларни қонун доирасида жавобгарликка тортишни талаб қилиб келган.






