АсосийЖАМИЯТ

Президент энергетика соҳасидаги жиддий камчиликларни танқид қилди: вазир ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари ишдан олинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

'Президент энергетика соҳасидаги жиддий камчиликларни танқид қилди: вазир ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари ишдан олинди'ning rasmi

Йиғилишда энергетика соҳасида сўнгги ўн йилда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, соҳага 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилгани ва 9,5 гигаваттлик янги электр станциялари ишга туширилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, тизимда жиддий камчиликлар сақланиб қолаётгани танқид қилинди.

“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида”, — деди Президент.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг дастлабки олти ойида электр тармоқларидаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этган. Шу даврда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.

Айрим ҳудудларда истеъмол ўсиши ва инфратузилмага тушадиган юклама олдиндан ҳисобга олинмагани, июнь-июль ойларида электр тармоқларида 4 мингга яқин авария содир бўлгани айтилди. Оқибатда айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электрсиз қолган.

Тизимдаги жиддий камчиликлар учун энергетика вазири ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” раҳбарларига йил якунига қадар синов муддати берилди. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан олиниши огоҳлантирилди.

Йиғилишда электр ва газ таъминотини “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Бу борада Янгийўл туманида намунавий тизим яратилади. Тумандаги 51 та маҳаллада аҳоли, тадбиркорлар ва ижтимоий объектларнинг электр ҳамда газга бўлган эҳтиёжи тўлиқ ўрганилиб, зарур ишлар 1 октябрга қадар якунланади.

Шунингдек, табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 1 916 та маҳалла учун алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Суюлтирилган газ таъминотига хусусий сектор жалб этилади ва бу борада дастлаб Андижон вилоятида “Андижон тажрибаси” жорий қилинади.

Энергетика соҳасида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. АСКУЭ ва АСКУГ маълумотлари асосида шубҳали истеъмол, йўқотишлар ва қарздорликни автоматик аниқлайдиган платформа ишга туширилади.

    Бошқа янгиликлар

    Президент энергетика соҳасидаги жиддий камчиликларни танқид қилди: вазир ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари ишдан олинди - Darakchi.uz