АсосийЖАМИЯТ

Машҳур миллий таомлар ресторани эгаси 8 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида 1977 йилда туғилган, муқаддам судланмаган О.И. ҳамда яна олти нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилган.

'Машҳур миллий таомлар ресторани эгаси 8 йилга қамалди'ning rasmi

Наманган вилоятининг Поп туманида "Райҳон оилавий миллий таомлари" ресторани таъсисчиси ва яна олти нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.


Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида 1977 йилда туғилган, муқаддам судланмаган О.И. ҳамда яна олти нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилган.


Суд ҳукмига кўра, барча етти нафар судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 227-моддаси (ҳужжатлар ва бошқа расмий белгиларни ноқонуний эгаллаш ёки яшириш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.


Суд қарори билан О.И.га 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 62-моддасига мувофиқ, унинг қамоқда сақланган вақти жазо муддатига ҳисобга олиниб, узил-кесил жазо муддати 7 йил 11 ой 28 кун этиб белгиланган.


Қолган олти нафар судланувчига ҳам содир этган жиноятларининг оғирлиги ва жиноятдаги иштирок даражасидан келиб чиқиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Шунингдек, жиноят иши доирасида етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.
Қайд этилишича, биринчи инстанция суди ҳукми устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Наманган вилояти судининг апелляция ёки кассация инстанциясига шикоят ёки протест келтирилиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Машҳур миллий таомлар ресторани эгаси 8 йилга қамалди - Darakchi.uz