2026/2027-ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига қабул параметрлари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Янги ўқув йилида давлат олийгоҳларининг бакалавриат кундузги таълим шаклига 155 минг 852 нафар абитуриент қабул қилинади.
Қабул ўринларининг асосий қисми ўзбек тилидаги таълимга ажратилган бўлиб, 130 минг 843 та ўринни ташкил этади. Шунингдек, рус тилида — 19 341 та, қорақалпоқ тилида — 4 888 та, қозоқ тилида — 335 та, тожик тилида — 315 та, қирғиз тилида — 75 та ва туркман тилида — 55 та ўрин белгиланган.
Давлат комиссияси айрим тоифадаги фуқаролар учун қўшимча грант квоталарини ҳам тасдиқлади. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча 2 фоизлик давлат гранти, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 1 фоизлик грант, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари фарзандлари 5 ва 2 фоизлик грант, шунингдек, "Ижтимоий реестр"га киритилган оилалар фарзандлари учун алоҳида яъни 10 фоизлик грант ўринлари ажратилди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар фарзандлари ва тавсиянома асосида қабул қилинадиган фуқаролар учун ҳам алоҳида квоталар белгиланди.
2026/2027-ўқув йилида беш йилдан ортиқ меҳнат стажига эга аёллар учун 2 500 та алоҳида тўлов-контракт ўрни ажратилади. Хотин-қизлар учун кундузги таълим шаклига қўшимча 4 мингта давлат гранти ҳам берилади.
Бакалавриатнинг кечки таълим шаклига 28 минг 942 нафар, масофавий таълим шаклига эса 20 минг 810 нафар абитуриент қабул қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, магистратура учун жами 22 минг 50 та ўрин ажратилган. Шундан 10 минг 340 таси давлат гранти, 11 минг 710 таси тўлов-контракт асосидаги ўринлардан иборат.
Қабул квоталари 2026/2027-ўқув йили учун бакалавриат, магистратура ва таълимнинг турли шакллари бўйича тасдиқланган.






