Урганч халқаро аэропорти белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишлари муддатидан аввалроқ якунлангани боис икки кун аввалроқ очилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Аэропорт 5 август куни соат 11:00 да ўз фаолиятини тиклайди.
Ўтган даврда узунлиги 3000 метр ва эни 45 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қопламаси алмаштирилган ва мустаҳкамланган, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланган.
"Бу аэропортга Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қилиш ва ўз навбатида Урганчга рейслар сони ва йўловчилар оқимини кўпайтириш имконини беради", — дейилади хабарда.