Вазирлар Маҳкамасининг “Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида” қарори қабул қилинди
Қарор ижроси доирасида Солиқ қўмитасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
01.09.2024 йилга қадар алкогол, тамаки ва пиво маҳсулотлари, маиший техника ва дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субектларининг “Асл белгиси” миллий ахборот тизимидан рўйхатдан ўтганлиги ҳамда рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилаётганлигини назоратга олиш.
Бунда 2024 йил 10 августга қадар маркировкаланадиган маҳсулотларнинг чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субектлари хатловдан ўтказилганлиги ҳақида ижтимоий тармоқлар ва ОАВда расмий эълон жойлаштирилади;
2026 йил 1 августга қадар қалбаки рақамли маркировкаланган ва/ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда улгуржи ва чакана реализация қилувчи субектларга нисбатан мазкур маҳсулотларни мусодара қилган ҳолда, жиноий жавобгарликка тортиш нормаларини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
Бир ҳафта муддатда Солиқ қўмитасида рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича алоҳида тузилма ташкил этиш;
2024-йил давомида Савдо-саноат палатаси билан биргаликда тадбиркорлик субектлари учун рақамли маркировка қоидалари, шунингдек, рақамли маркировка тизими билан ишлаш бўйича ўқув ва кўргазмали семинарлар ўтказиб бориш ҳамда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш чораларини кўриш;
Бир ой муддатда мажбурий рақамли маркировкалаш тартиблари шу жумладан, маркировка кодларини чоп этувчи (типография) ҳамда тегишли ускуналарни етказиб берувчи (интегратор) корхоналар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўзининг rasmiy veb-sayti ҳамда “Soliq” мобил иловасида жойлаштириш;
2024-йил 1 ноябрга қадар рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз шаклда сотиш талабини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий хужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
2024-йил 1 декабрга қадар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, улгуржи ва чакана савдони тизимлаштириш ҳамда маркировкалаш қоидаларини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг “Савдо тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.
Шу билан бирга, рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектлари ўз фаолиятини тўхтатмоқчи бўлганда, туман (шаҳар) солиқ инспекциясини бир ой олдин хабардор қилиш тартиби жорий этилади.
Бунда солиқ инспектори 3 иш кунида чакана савдо ҳуқуқи учун йиғимларнинг тўлиқ тўланганлиги ҳамда алкогол, тамаки ва пиво маҳсулотларининг омбордаги қолдиқларини хатловдан ўтказади.
Бундан ташқари, қарор билан мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда.