Амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги делегация вакиллари Корея Автомобилсозлик саноати уюшмаси раиси Квак Ёль Чол билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Унда, шунингдек, мазкур уюшманинг Сеул, Инчон, Чоннам шаҳарлари ва Кёнггидо провинциясидаги филиаллари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида Е-7 визаси асосида ўзбекистонлик ишчиларни Корея Республикасида жойлашган автомобилларга хизмат кўрсатиш шахобчаларида юқори маош тўловчи ишларга жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Жанубий Корея томонининг маълум қилишича, Уюшма ҳузурида 6800 та шахобча мавжуд бўлиб, айни пайтда мазкур шахобчаларда 6000 нафардан зиёд ишчи кучига эҳтиёж бор.
Учрашувда Уюшма раҳбари томонидан мана шу эҳтиёжни ўзбекистонлик ишчилар, хусусан автомобиль таъмирловчи усталар ҳисобидан тўлдириш таклифи ўртага ташланди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Раъно Турдибоева ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, Е-7 визаси асосида кириб келиши режалаштирилаётган ишчиларни Корея Республикасида меҳнат фаолияти давомида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ойлик маошларини вақтида тўлаш, ишчиларнинг ноқонуний фаолият юритишини олдини олиш ҳамда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ташкил этишни назорат қилиш ўзаро ҳамкорликдаги муҳим жиҳат эканлигини алоҳида қайд этди.
Мулоқот якунида Корея Автомобилсозлик саноати уюшмаси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини уюштириш ва ташриф давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги "Ишга марҳамат" мономарказлари фаолиятлари билан таништиришга келишиб олинди.
Томонлар, шунингдек, келгусида ўзбекистонлик ишчиларни иш берувчи талабларига мувофиқ малакасини ошириш, Корея Республикасидаги юқори маош тўловчи ишларда бандлигини таъминлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга тайёр эканлигини билдирди.