АсосийЖамият

Самарқандда 12 ёшли қизни зўрлаган эркакнинг жазоси енгиллаштирилди

Педофилга берилган жазони енгиллаштирган апелляция инстанциясининг ажримига Болалар омбудсмани қарши чиқди.

'Самарқандда 12 ёшли қизни зўрлаган эркакнинг жазоси енгиллаштирилди'ning rasmi

Самарқандда 2012 йилда туғилган қизга жинсий зўравонлик қилган эркакга нисбатан берилган жазо енгиллаштирилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани ҳабар берди.

Маълум қилинишича, Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида жинсий жиноятда жабрланган 12 ёшли қизга нисбатан ЖКнинг 119 моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) ва 137 моддаси (Одам ўғрилаш) билан айбланган эркакнинг суд ишини ўрганиб чиққан.

Мазкур суд ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳукми билан эркак ЖКнинг 119 моддаси билан 19 йилга, 137 моддаси билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. ЖКнинг 59 моддасига (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бироқ Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция тартибидаги ажримида (судланувчининг апелляция шикояти асосида) биринчи инстанция суди эркакга нисбатан ЖКнинг 119 моддаси санкцияси доирасида (19 йилдан 15 йилга ўзгартириб) енгилроқ жазо тайинлаган.

Мазкур апелляция бўйича Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида инстанциясининг мазкур ажрими билан жиноий жазони асоссиз енгиллаштирилиши бола манфаатларига зид деб ҳисоблаб, бу бўйича Ўзбекистон Бош прокуратурасига тафтиш тартибида протест киритишга оид илтимоснома киритган.

Бунинг асосида суд ҳужжатлари Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ўрганилган ва Болалар омбудсмани позицияси қувватланиб, Самарқанд шаҳар судининг 2024 йил 10 июндаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш тартибида протест киритилган.

Маълумот ўрнида, Болалар омбудсмани мазкур ишнинг тафтиш инстанцияси судида кўрилиши жараёнида бола манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўз кузатувини давом эттиради.

    Бошқа янгиликлар