Қарши шаҳридаги бозорлардан бирида савдогар аёллар буви ва унинг набирасини аёвсиз калтаклади. Бу ҳақда "Марказий студия" кўрсатувида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Ахмедова Зиёда 1988 йилда Қарши шаҳрида туғилган. У туғилганидан буён эшитмайди ва гапирмайди.
Зиёда 2014 йилдан буён Қарши шаҳридаги халқ тилида "Орзу" бозори деб номланувчи савдо марказида тозалик ишларини бажариб келади. Унинг бувиси эса ушбу савдо марказининг ташқи қисмида тарозибонлик қилади.
Зиёда 13 август куни одатдагидек иш фаолиятини олиб бораётганда, савдо мажмуасининг ташқи томонида ноқонуний савдо қилаётган бир нечта аёллар томонидан калтакланган.
"4-5 нафар аёллар келиб, мана шу ногирон аёлни уриб ташлади. Бу соғлом одамни иши эмас. Уни уриб, тарозларини синдиришди. ИИБ нима қилди? Ҳеч нарса. Миллий гвардия ҳам ёрдам бермади. Ҳеч қандай инсонни кўрмадим мен атрофда", — деди фуқаролардан бири.