Бир бола алименти учун 100 млн. сўм тўлаб берилди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати darakchi.uz'га хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳар бўлими томонидан яна бир алимент билан боғлиқ ҳужжат ижроси тўлиқ таъминланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди буйруғига асосан қарздор Ж.Т.дан ундирувчи Н.Х. фойдасига бир нафар боланинг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Шунга мувофиқ, Бюронинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Алимент тўловчи ота фарзанди учун алимент пулларини ўз вақтида тўламай келгани сабаб, қарздорлик 100 млн. сўмдан ортган. Тарафлар билан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида, қарздор Ж.Т. хориж сафарига чиқиш зарурияти ҳам мавжудлиги сабабли қарздорлик билан фарзандининг вояга етгунигача бўлган алимент пулларини бир йўла тўлаб беришини билдирган.
Собиқ турмуш ўртоқлар ўзаро келишувига асосан, боланинг вояга етгунигача бўлган алимент пули ва қарздорлик ҳисобига 100 миллион сўм тўлаб берилди.
Шу билан ижро иши тамомланиб, қарздорнинг четга чиқиши юзасидан қўлланилган чеклов чоралари бекор қилинди.