Жорий йил 22 август куни Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Унда Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари А.Урмановнинг пойтахтда мансабдорлик ва коррупция жиноятларига қарши кураш борасида олиб борилаётган назорат тадбирлари ҳақидаги ҳисоботи тингланди.
Хусусан, пойтахт прокуратураси органларида 2024 йил 7 ойи мобайнида 217 нафар мансабдор шахс ва фуқаролар томонидан коррупциявий жиноятлар содир этганлиги юзасидан 185 та жиноят иши тергов қилинган.
Улар асосан, ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлари, олий, халқ таълими ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, молия, солиқ, энергетика, банк, ҳокимлик ходимлари, кадастр хизмати ва экология идораларнинг масъул ҳамда мансабдор шахслари ҳиссасига тўғри келган.
Коррупция ҳолатларини фош этиш ва айбдор шахсларга жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 81 та тезкор тадбирлар ўтказилиб, барчаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари тергови доирасида 93 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича жами 236 та тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 216 таси оғзаки, 20 таси оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларни ташкил этган.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, шаҳар суриштирув ва тергов органлари томонидан порахўрлик жинояти ҳақидаги хабарлар бўйича терговга қадар текширув ўтказилиши, бу тоифадаги жиноят ишлари юзасидан тергов ва суд амалиёти, тезкор тадбирлар давомида процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш тартибига риоя қилинганлиги, ҳисоботлар ҳаққонийлиги ҳамда соҳадаги прокурор назорати аҳволи ўрганилиб, натижаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Мувофиқлаштирувчи Кенгаши йиғилишида муҳокама қилинган.
Ҳисобот якунида коррупциявий жиноятларга қарши курашда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Кенгаш қарори қабул қилиниши таклиф этилди.