Туркияда Ўзбекистонда халқаро қидирувга берилган собиқ давлат ташкилоти ходими ушланди. У Хоразм вилоятида давлат маблағларини ўзлаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда гумонланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Й. Г. Хоразм вилояти аҳоли бандлигига кўмаклашиш ташкилотида масъул лавозимда ишлаган. У Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича қидирувга берилган.
Бош консулхона маълумотига кўра, гумонланувчи Ўзбекистонга олиб келинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






