АсосийЖИНОЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Тошкентда криптоактивлар айланмаси билан шуғулланган яширин колл-марказ фаолияти тўхтатилди

Тошкентнинг Яшнобод туманида Европа давлатлари фуқароларини алдаб, уларнинг криптоактивларини ўзлаштиришда гумонланган 10 нафар шахсдан иборат яширин колл-марказ фаолиятига чек қўйилди.

'Тошкентда криптоактивлар айланмаси билан шуғулланган яширин колл-марказ фаолияти тўхтатилди'ning rasmi

Пойтахтнинг Яшнобод туманида 203 134 USDT, яъни қарийб 2,4 миллиард сўмлик криптоактивлар айланмаси билан қонунга хилоф равишда шуғулланган яширин колл-марказ аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Маълум қилинишича, ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари Яшнобод туманидаги Хосиятли маҳалласида тезкор-қидирув тадбири ўтказган. Натижада хонадонлардан бирида 10 нафар фуқародан иборат онлайн колл-марказ фаолият юритаётгани аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, гуруҳ аъзолари турли мессенжерлар орқали Европа давлатлари фуқароларининг ишончига кирган. Уларга сохта ҳужжатлар тайёрлаш, трейдинг ва криптоактивлар бўйича таълим беришни таклиф қилган. Шундан сўнг фуқароларнинг криптоактивларини алдаш йўли билан ўз электрон ҳамёнларига ўтказиб, ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Тезкор тадбир давомида хонадондан 8 та ноутбук, 58 та телефон ва 3 та компьютер ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари пойтахтда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси (криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрь куни Тошкентнинг Миробод туманида ҳам кибержиноятчиликда гумонланган иккита яширин колл-марказ фош этилган ва 72 нафар шахс ушланган эди.

    Бошқа янгиликлар