АсосийЖИНОЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Фарғонада халқаро жиноий гуруҳ аъзолари қарийб 12 кг гашиш билан ушланди

Гиёҳвандлик моддаларининг бир қисми даладаги яширин жойга, яна бир қисми эса болалар ўйинчоғи ичига беркитилган.

'Фарғонада халқаро жиноий гуруҳ аъзолари қарийб 12 кг гашиш билан ушланди'ning rasmi

Ўзбекистонда халқаро жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, қарийб 12 килограмм гашиш моддасининг ноқонуний айланмаси олди олинди. Гумонланувчилардан бири 11 килограмм гиёҳвандлик воситасини далага яшириб, унинг геолокациясини харидорга юборган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятининг Данғара туманида муқаддам судланган гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланувчи шахс 11 килограмм гашишни сотаётган вақтида қўлга олинган. У гиёҳвандлик воситасини дала майдонидаги яширин жойга беркитиб, харидорга унинг геолокациясини юборган.

Вазирлик маълумотига кўра, гумонланувчи кўп йиллар давомида гиёҳвандлик моддалари савдоси билан боғлиқ жиноий фаолият юритган. У қўшни республикаларда яшовчи шериклари орқали гиёҳвандлик воситаларини олиб, бир нечта вилоятдаги мижозларга тарқатган.

Яна бир ҳолатда, Боғдод туманида яшовчи эркакнинг уйи текширилганда, 50 грамм гашиш ва электрон тарози топилган. Маълум бўлишича, у гиёҳвандлик моддасини Қўқонда тўхтатилган аёлдан сотиб олган.

Аёлнинг ёнидаги буюмлар текширилганда, болалар ўйинчоғи ичидан 503 грамм гашиш солинган ўрам аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аҳоли орасида қарийб 12 килограмм гашиш тарқалишининг олди олинган. Бу миқдор 26 минг 200 та бир марталик дозани ташкил этади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми «а» банди ҳамда 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар