АсосийЖИНОЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Андижонда онлайн қиморга берилган шахслар миллиардлаб сўм пулни ютқазиб юборди

Улардан бири банк мижозларининг пулларини қиморга тикиб юборган бўлса, яна бири танишидан олган икки дона "Дамас" автомобилини ютқазган.

'Андижонда онлайн қиморга берилган шахслар миллиардлаб сўм пулни ютқазиб юборди'ning rasmi

Андижонда онлайн қимор ўйинларига берилиб кетган бир неча шахс фуқароларнинг миллиардлаб сўм маблағларини ўзлаштириб, катта миқдорда зарар етказди. Улардан бири банк мижозларининг пулларини қиморга тикиб юборган бўлса, яна бири танишидан олган икки дона "Дамас" автомобилини ютқазган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги банклардан бирида халқаро пул ўтказмалари ҳисоб рақамларига масъул бўлган ходим мижозларнинг 3,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирган. У пулларни фуқаролар ҳисобидан ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб олган.

Тергов давомида банк ходими ўзлаштирилган маблағларни таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб юборгани аниқланган. Унинг айтишича, қимор сабаб нафақат катта миқдордаги пулидан, балки оиласи ва яқинларидан ҳам айрилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Банк ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якунланиб, жиноят иши судга оширилган.

Яна бир ҳолатда онлайн қиморга берилган шахс танишидан умумий қиймати 26 минг АҚШ долларига тенг бўлган иккита «Дамас» автомобилини олиб, эгасига қайтармаган. Маълум бўлишича, у машиналарни қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб юборган. Мазкур ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари якунланган ва иш судга оширилган.

Шунингдек, Хўжаобод туманида бир шахс 74 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 1 миллиард 300 миллион сўм пул олган. Бироқ у маблағларни белгиланган тартибда банкка топшириш ўрнига онлайн қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб қўйган.

Суд ҳукми билан Абдураззоқ Файзуллоев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ички ишлар вазирлиги фуқароларни онлайн қимор ўйинларига жалб қилувчи шахсларнинг ваъдalarига ишонмасликка, шунингдек, пул маблағларини бошқа шахсларга топширишда эҳтиёткор бўлишга чақирди.

    Бошқа янгиликлар