Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманида бўлиб ўтган суд ҳукмига кўра, собиқ “замминстр” 6 йилга, унинг қизи эса 5 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.

2021 йил сентябрь ойида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тўраевнинг ўғлига тегишли бўлган Де Нова Агро компанияси 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган. Ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тўраева эди.

Иш материалларига кўра, Алишер Тўраев тендер комиссиясини “ўзига содиқ одамлар”дан тузган, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолаган, лекин аслида у ўтказилмаган.

Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган Де Нова Агро компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонган. 2021 йил 30 август куни корхона билан ин-витро усулида 1 миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик шартнома тузилди, — дейилади ҳужжатда.

Суд қарорида қайд этилишича, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, “талон-торож қилинган” маблағлар ўтказиб берилган.

Судда Алишер Тўраев ўз айбига қисман иқрор эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи ва вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинган топшириқлари ижроси бўйича 15-баённоманинг 54-бандида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан марказга 10 млрд сўм беғараз ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу маблағларни 2021 йил якунига қадар ин-витро шароитида узумнинг совуққа чидамли, ҳосилдор, экспортбоп, турли касалликлардан холи уруғсиз навларини яратиш ва кўпайтириш учун 1 миллион туп кўчат етиштиришга йўналтириш режалаштирилганди.

Унинг сўзларига кўра, у ўша пайтдаги қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва Президент администрацияси вакиллари билан маслаҳатлашиб, агентликка 35 та узум навини (асосан хорижий навлар) жўнатган, шундан 23 таси танлаб олинган. Судланувчи Самарқанддаги Сам Агро, Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ва унинг Сурхондарёдаги филиали ҳамда ўзи асосчи бўлган Де Нова Агро корхоналарига хатлар йўллаганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Де Нова Агро`дан ташқари қолган ҳамма 23 та узум навининг кўчатларини тўлиқ тайёрлай олмаслигини билдирган.

Тўраев шундан сўнг у олинган пулни қандай сарфлаш бўйича марказ билан маслаҳатлашгани, ўша пайтда қишлоқ хўжалиги вазири бўлган Жамшид Хўжаев ва ўзига нотаниш Президент администрацияси вакиллари унга узум кўчатлари етиштириш бўйича тендер эълон қилиш юзасидан оғзаки кўрсатма берганини маълум қилган.

Айбланувчининг айтишича, марказ ҳудудида иссиқхоналар ва уларни сақлаш учун майдон ҳали тайёр бўлмагани учун 1 миллион дона кўчатнинг ҳаммаси Де Нова Агро`да қолган. Корхона билан ойига 6 миллион сўмдан сақлаш шартномаси тузилган. 

2022 йил декабрь ойида 97 минг дона кўчат партиясининг бир қисми Пахтачилик институти иссиқхонасига ўтказилган, бироқ кескин совуқ туфайли 30 мингта кўчат нобуд бўлган. Қолган кўчатларни йўқотмаслик учун уларни Де Нова Агро`га қайтаришга қарор қилинди, деди у.

Алишер Тўраев вазир Хўжаевга яна 0,5 гектар майдонда иссиқхона қуришни тезлаштириш юзасидан хат ёзганини, у 2023 йил апрель ойида қуриб битказилганини айтди.

Апрель ойидан август ойининг охиригача корхона томонидан марказга 700 минг дона кўчат топширилган, уларнинг сони ички аудит ходимлари томонидан ҳисоблаб чиқилган, деди у.