Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс томонидан қорамолларда юқумли касаллик тарқалгани туфайли ҳар жойдан ҳам гўшт сотиб олмасликка чорловчи аудиохабар тарқалди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Унга кўра, ҳолат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда тегишли идора вакиллари ҳамкорлигида атрофлича ўрганилди.
Сўнгги олти ой давомида ҳудуддаги чорва молларида бирор-бир касаллик аниқланмагани, қорамоллар соғлом парвариш қилинаётгани аниқланди.
Ёлғон ва асоссиз хабар тарқатган аудиохабар эгаси Фарғона вилояти, Бувайда туманида яшовчи фуқаро Феруза Турсунова экани маълум бўлди. Унга ёлғон хабар бериш, ваҳима уйғотувчи асосланмаган маълумот тарқатиш учун қонунчиликда жиддий жазо борлиги тушунтирилди ҳамда мутасадди идоралар томонидан огоҳлантирилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг тақдим этган маълумотида келтирилишича, мамлакатда қорамоллар сони 14,5 млн бошга, ўтган йилга нисбатан 435 минг бошга, қўй-эчкилар 24,1 млн бошга, ўтган йилга нисбатан 500 минг бошга кўпайган.