Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган, цирк ва шапитоларда сақланадиган ёввойи ҳайвонлар реабилитация марказларига ўтказилади. Бу ҳақда 19 сентябрь куни президентга тақдимотда муҳокама қилинди.
Йиғилишда бундай ҳайвонларни хонадонларда сақлаш қонун билан тартибга солинмагани таъкидланди.
Энди ёввойи ҳайвонларни уй шароитида, цирк ва шапитоларда сақлаш ҳамда томошаларда фойдаланиш тақиқланади. Жисмоний шахслар ихтиёридаги ҳамда циркларда сақланувчи бундай жонзотлар ҳайвонот боғларидаги реабилитация марказларига, океанариумлар, питомник ва илмий-тадқиқот муассасаларига топширилиши белгиланмоқда.
2023 йил сентябрида президент фармони билан "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунга фуқароларга ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлашни тақиқловчи ўзгартишлар киритилганди.
Уй шароитида сақлаш тақиқланган ҳайвонларнинг рўйхати, шунингдек, уларни юридик шахслар (ташкилотлар) томонидан сақлаш тартиби ҳукумат томонидан белгиланади.
Рўйхатга ёввойи ҳайвонларнинг 66 дан ортиқ тури, жумладан, ҳашаротлар, балиқлар, заҳарли илонлар, айиқлар оиласининг барча кенжа турлари, йўлбарслар, тимсоҳлар, лочинлар, ёввойи мушуклар, бўрилар, шоқоллар, тулкилар, орангутанлар, шимпанзелар ва бошқалар киритилиши режалаштирилган эди.