Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги “Кичик саноат зонаси” ҳудудида фуқаролар ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи фаолиятини йўлга қўйиб, табиий газдан ўғринча фойдалангани фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Хабарга кўра, жойларда Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий штаблар томонидан энергия ресурсларни талон-торож қилинишини фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, Марғилон шаҳри "Кичик саноат зонаси" ҳудудидаги нотурар жойда фуқаро Т.М. ва бошқалар олдиндан жиноий тил бириктириб, ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил қилиб, қўлбола газ қурилмаларини (горелка) ўзбошимчалик билан ер остидан ўтган ўрта босимли газ қувурига яширин равишда улаб, 5 млрд. 604 млн. сўмлик 2 млн. 155 минг куб метр табиий газни ўғирлаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар Т.М., К.М. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда, дейилади хабарда.