Германия қуролли кучлари — Бундесвер — "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати нишонларига Исроил ҳаво ҳужумлари давом этаётгани муносабати билан Германия фуқароларини Ливандан эвакуация қилиш учун транспорт самолётини юборди. Бу ҳақда 30 сентябрь, душанба куни мамлакат Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Ливанда бўлиши шарт бўлмаган Германия элчихонаси ходимлари, дипломатларнинг қариндошлари, шунингдек, тиббий сабабларга кўра алоҳида хавф остида бўлган Германия фуқаролари Байрутдан Берлинга олиб кетилади. Германияга учган самолёт бортида жами 110 киши бор, дея хабар беради Германия Ташқи ишлар вазирлиги.
Ушбу вазирликнинг расмий вакилига кўра, ҳозирда Ливанда 1800 га яқин Германия фуқароси қолмоқда. Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашгани сабабли Берлиндаги ҳукумат ўтган йилнинг октябрь ойидан бери ватандошларини Ливанни тарк этишга чақириб келади.
Исроил мудофаа кучлари ва "Ҳизбуллоҳ" жангчилари ўртасидаги шиддатли жанглар туфайли Германия Ташқи ишлар вазирлиги Байрут, Тел-Авив ва Ғарбий соҳилдаги Рамаллаҳ шаҳридаги элчихоналарига таҳдид даражасини ошириб, бир қатор фуқароларни "дипломатик эвакуация" қилишни бошлади. Шу билан бирга, элчихоналар ўз фаолиятини давом эттиради, дея таъкидлади Германия расмийлари.