Жорий йилнинг 4 октябрь куни “Сурхондарё сув таъминоти” АЖнинг 3 нафар техник ходими Қумқўрғон тумани “Дўстлик” маҳалласида жойлашган оқова сув қудуғини тозалаш жараёнида ҳаво етишмовчилиги сабабли ҳушидан кетди. Ҳолат бўйича “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, воқеа жойига Қумқўрғон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ва туман тез тиббий ёрдам гуруҳи зудлик билан етиб борган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ходимлар масъул ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ёрдамида қудуқдан чиқарилиб, биринчи ёрдам кўрсатиш учун туман тез тиббий ёрдам бўлимига етказилган.
Маълумотларга кўра, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлиб, ҳозирда шифокорлар назоратида тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.