Туркиянинг Истанбул шаҳрига сайёҳ бўлиб борган ва ҳужжатлари билан пулларини ўғирлатиб қўйган 74 ёшли ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Бош консулхона хабар берди.
Жорий йилнинг 4 октябрь куни Бош консулхонага соат тахминан 20:05 ларда 74 ёшли фуқаро К.Г. Истанбулда пулсиз ва ҳужжатсиз қийин аҳволда қолгани сабабли Ўзбекистонга қайтишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Маълумотларга кўра, шу йилнинг 27 сентябрь куни юртдошимиз Тошкентдан Истанбулга сайёҳ сифатида учиб келган, ва шу йилнинг 4 октябрь куни Туркиядаги савдо шохобчаларининг бирида ўзига тегишли бўлган ҳамёнини ўғирлатиб қўйган.
Бош консулхона мурожаатчининг ёши ва қўлида қайтиш чиптаси борлигини инобатга олиб, зудлик билан ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб фуқарони аэропортга кузатиб қўйди.