Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Никарагуанинг мамлакатимиздаги биринчи элчиси Татьяна Даниэла Гарсия Силвани қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
"Никарагуанинг Ўзбекистондаги янги тайинланган ва биринчи Элчиси Татьяна Даниэла Гарсия Силва хоним билан учрашдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Икки томонлама муносабатларимизда фойдаланилмаётган улкан имкониятларни ўрганиш механизмларини муҳокама қилдик. Ташқи ишлар вазирликлари алоқаларимизда, айниқса, иқтисодий жиҳатдан аниқ натижаларга эришишда локомотив вазифасини бажаришлари лозим. Элчи хонимга мамлакатимиздаги фаолияти давомида муваффақиятлар тилаймиз".
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Нью-Йорк шаҳрида Никарагуа ташқи ишлар вазири Валдрак Жентске билан музокара ўтказган эди. Икки мамлакат ТИВ раҳбарлари кўплаб соҳаларда истиқболли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини яратишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон ва Никарагуа ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2007 йил 23 февралда ўрнатилган.