Фарғона вилояти 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси 16 ёшли Дилафруз Жўрабоева Microsoft компаниясининг ёшларга мўлжалланган Microsoft Learn Student дастури Ambassadori бўлди.
Эндиликда Дилафруз Microsoft'нинг Ўзбекистондаги юзи сифатида фаолият олиб боради ва ўзбекистонлик ёшларни IT соҳасига жалб қилишга ўз ҳиссасини қўшади.
“Ушбу лойиҳага топширишим ҳам, киришим ҳам осон кечмади. Техник томондан билимларим яхши бўлгани учун мени номинацияга қўйишди. 1 йил давомида компания томонидан берилган турли шартлар ва топшириқларни аъло даражада бажариш талаб этилди. Шулардан бири Сунъий интеллект технологияси бўйича берилган 30 та модулдан иборат дарс ва топшириқлар бўлди.”
Microsoft Student Ambassador бўлиш нима беради?
Ушбу мақомга эга бўлган талаба техник ва етакчилик бўйича тренинглар, Microsoft'нинг кенг таълим ресурсларига кириш ва келажакни яратишга иштиёқи баланд бўлган ёшларни бирлаштириш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари Амбассадорлар учун Америкага виза олиш ва саёҳат қилиш имкониятлари яратилади. Талаба томонидан ёшлар учун ўтказиладиган тадбирлар учун хомийлик берилади. Компаниянинг барча маҳсулотлари премиум талқинлари бепул тақдим этилади.
Айни дамда Дилафруз Yandex учун ўқиш ва стажировкага топширган, синовлардан яхши ўтса Yandexнинг катта лойиҳаларига қўшилиш имкониятига эга бўлади.