Ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 1-сонли болалар клиник шифохонасига мурожаатлар сони кўплиги акс этган видеолавҳалар тарқалди.
Ушбу ҳолат бўйича ССВ қуйидагиларни маълум қилди.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси 425 ўринга эга бўлиб, 18 ёшгача бўлган болаларга қатор йўналишлар бўйича туну кун малакали шошилинч тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Муассаса барча зарур тиббий техника ва жиҳозлар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланган. 138 нафар шифокор, 401 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.
Шифохонанинг қабул бўлимига кунига ўртача 450-500 нафар бемор мурожаат қилади. Улардан ётиб даволанишга муҳтож бўлганлари шифохона бўлимларига госпитализaция қилинади.
Маълумки, куз-қиш даврида юртимиз бўйлаб мавсумий касалликлар кенг тарқалиши кузатилади. Шу сабабли ҳозирги кунда муассасага мурожаатлар сони сезиларли даражада кўпайган.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, шифохона бўлимларида қўшимча 55 ўрин ташкил этилган, 40 ўринли кўз микрожарроҳлиги бўлимининг эпидемик мавсум барқарорлашгунга қадар ўткир респиратор касалликларни қабул қилиш учун профили ўзгартирилди.
Шунингдек, амбулатор мурожаат қилган ва шифохонадан 2-босқич даволанишга чиқарилган беморлар бўйича оилавий поликлиникалар билан ҳамкорликда ишланмоқда. Ўз навбатида, беморлар сони ортгани инобатга олиниб, шифокорларнинг мазкур касалликлар бўйича мурожаатлар билан кўпроқ ишлаши чоралари кўриляпти.