Жорий йилнинг 5 август куни “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев суд ҳукми билан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.
Судланувчи томон суд ҳукми устидан апелляция шикояти киритди. Бугун, 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда darakchi.uz'га Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати маълум қилди.
Суд ажримида ажримдан норози тарафлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 510-моддасига асосан Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига ҳукм чиқарган суд орқали тафтиш тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга ҳақлилиги айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 5 августдаги ҳукми билан Саидазиз Саидалиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топилган ва жазони (20 йил қамоқ) умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган:
242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш);
243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
165-модда (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари;
277-модда (Безорилик);
211-модда (Пора бериш).