Ижтимоий тармоқларда тарқалган боғча болалари кўз ўнгида бўғма илон билан “Илон ўйини” томошаси акс эттирилган видеолар тарқалди.
Таълим муассасаларида болалар хавфсизлигига зид равишда ёввойи жонзот воситасида ўтказилган бундай цирк томошасига ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисидаги Болалар омбудсманининг сўрови асосида ҳолат ИИВ томонидан ўрганилган.
Аниқланишича, 24 октябрда Қўшработ туманида жойлашган мактабгача таълим муассасасида Иштихон туманида яшовчи Б.М. ва И.Б.лар МТМ 60 нафарга яқин тарбияланувчиларининг кўз ўнгида бўғма илон (қизил китобга киритилган, ноқонуний равишда сақланган йўлбарс питони- узунлиги 2,50 метр) билан цирк томошасини намойиш қилишган.
Б.М. фаолият юритувчи МЧЖ томонидан Қўшработ туман ҳудудида 31 дерга қадар замонавий цирк томошаларини ўтказиш учун рухсатномаси бўлсада, унинг доирасида “илон ўйини” кўзда тутилмаган.
Текшириш давомида, М.Б. ва Б.И.лар томонидан моддий манфаатдорлик эвазига Қўшработ туманида жойлашган яна 8 та умумтаълим мактабларда ҳам мазкур бўғма илон билан цирк томошаси ўтказилганлиги аниқланган (жами – 840 нафар ўқувчи томошабин бўлиб иштирок этган).
26 ноябрда Б.М.томонидан ноқонуний равишда сақланган йўлбарс питони мутахассислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, вилоят Экология бошқармасига тегишли тартибда топширилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Болалар омбудсмани таълим муассасаларида болалар хавфсизлигига зид ушбу томошаларга йўл қўйганларга тегишли чора кўриш ва келгусида бундай ноқонуний ҳаракатларни олдини олиш юзасидан мутасаддилар билан ишламоқда.